15:57:02    21.12.2016 We
Комбинат ҳақида

Жамиятнинг илк тариҳидан ҳозирги кунгача.

1889 йил декабр ойида “Большая Ярославская Мануфактура” ширкати (Чор Россияси) томонидан  Тоза (янги)  Урганчда  ишга туширилган илк саноат корхонасида бор-йўғи 60 киши ишлаган ва йилига 50 тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаб, қора ёғ ишлаб чиқарилган.

1910 йилда корхона корпуслари янгидан қурилган ва германиялик ака-ука Крафтлар томонидан ўзлари олиб келган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлантирилган. Завод 1920 йилгача ўз хўжайинларига катта даромад келтирган. Корхона фуқаролар уруши туфайли 2 йил тўхтаб қолган ва сўнгра миллийлаштирилган. Замон талабига кўра ишлаб чиқариш маҳсулотларини кўпайтириш учун 1930 йилда Урганч шаҳрининг Шовот канали бўйидаги кенгликда пахта тозалаш заводи қуриб битказилди. Икки корхона оралиғида қисқа рельсли темир йўл қурилиб от, туя, эшак билан юритиладиган махсус вагонеткаларда хом ашё, маҳ-сулотлар ташилган. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳар икки
корхона ҳам 50 фоиз қувват билан ишлаган, кейин яна ўз мавқеини тиклаб олган.

Корхонага узоқ йиллар моҳир ташкилотчи, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Сотим Нурматов, Иван Тимофеевич Сорокин, кейинчалик Тельман Мусаев каби устозлар раҳбарлик этишган. Улар республика ва собиқ иттифоқдаги турдош саноат корхоналари, илмий текшириш институтлари билан ҳамкорликда муайян ютуқларни қўлга киритганлар. Янги технологик линиялар, ишлаб чиқариш цехи ва бўлимларини ишга туширганлар. Бир сўз билан айтганда, нафақат вилоят, балки қўшни Қорақалпоғистон ҳамда Тошҳовуз атрофларидаги истеъмолчилар ҳам ёғ, совун, шелуха, кунжара маҳсулотлари билан таъминланган.

Йиллар ўтиши билан аҳоли сонининг ўсиб бориши, пахта плантацияларининг кенгайтирилганлиги сабабли етиштирилган пахта, чигит хом ашёсини қайта ишлаш имкониятларини қайта кўриш — янги йирик замонавий корхона қуриш зарурияти туғилди.

1965 йилда Урганч шаҳар саноат зонаси майдонида янги йи-рик корхона қурилишга киришилиб ва ниҳоят 1977 йил 28 октябрда ёғ-экстракция ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Дастлаб заводнинг асосий ишлаб чиқариш цехлари чигит хўжалиги, чигитни тозалаш ва тайёрлов, мойжувоз, рафинация, экстракция ва мисцеллада ёғ оқлаш цехлари, элеватор шрот омбори, кейинчалик ёғ қадоқлаш, соапстокни қайта ишлаш ва хўжалик совуни ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилди.

Лойиҳа бўйича ўрнатилган технологик ускуналарнинг бир текис ишламаслиги, хизмат кўрсатувчи муҳандис ва ишчиларда тажрибанинг етишмаслиги натижасида ишда носозликлар бўлиб турар ва бунинг оқибатида бутун бир технологик тизимнинг 4-5 соатлаб тўхтаб қолиши ҳолатлари бўлган. Технологик регламентга кўра ёғ ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксиз олиб борилищи зарур, акс ҳолда ёрдамчи материаллар сарфи белгиланган меъёрдан ошиб ўз навбатида бошқа (буғ, сув, экстрабензин) йўқотишлар ҳам ортиқча бўлади. Юқоридаги сабабларга кўра тайёрлов, мойжувоз ва экстракция цехларидаги асосий технологик ускуналарни янги унумдор, фойдаланишда қулай бўлган замонавий ускуналарга алмаштириш, яъни кенг кўламда модернизациялаш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш тадбирларини ўтказиш зарурияти туғилди.

1983 йилда “SKET” компаниясидан (Магдебург, ГДР) қовуриш қозонлари, Г-24 русумли ёғ пресслари, Польша Халқ Рес-публикасидан тостерлар (шрот таркибидаги экстрабензинни учи-рувчи ускуна) келтириб ўрнатилди. 1986 йилда тайёрлов цехи-даги жиҳозлар шелушителлар, биттер-сепараторлар ҳам “SKET” фирмасидан олиб келиниб ўрнатилди. Технологик ускуналарни молиялаштиришда маблағларнинг бир қисми корхона ҳисобидан, бир қисми давлат капитали ҳисобига амалга оширилди. Шу йилларда корхонада дастлабки модернизация ва қайта жиҳозлаш тадбирлари ўтказилгандан кейин лойиҳада кўрсатилган қувватга эришилди. Урганч ёғ-мой корхонасига ўша йилларда раҳбарлик қилган раҳматлик устоз Т.Мусаевнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. У киши соҳанинг етук мутахассиси, меҳрибон мураббий эди.

Аҳоли истеъмоли учун сифатли ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш масаласи ҳамиша корхона мутахассисларининг диққат марказида бўлди. Бунда асосан илғор фан-техника ютуқларини, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш зарур. Ана шулардан бири аҳоли истеъмоли учун етказиб берилаётган рафинацияланган (тозаланган, оқланган) ўсимлик ёғини экстракция ва ёғ оқлаш цехларига хизмат қилувчи айланма сувларни совутиш иншооти (градирня) қувватини ошириш учун 1 секция қўшимча монтаж қилинди.

1991   йил   31   августда  мамлакатимизда  эълон   этилган   Миллий истиқлол корхонамизнинг тез суръатлар билан тараққий этишига йўл очиб берди. Корхона 1994 йилда давлат тасарруфидан чиқарилиб ОАЖ – очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. Натижада чет эл инвестициялари, техника ва технологик жараёнларнинг корхонага кириб келиши юксалишнинг янги босқичини бошлаб берди. Жумладан аввал муаммо бўлиб турган махсус бино қурилиб, аммиакли компрессор цехи ишга туши-рилди. Цехда иккита “П-220” ва 1 та “П-110” аммиакли компрессор агрегатлари ўрнатилди. Бу агрегатлар илгариги фреонли агрегатларга нисбатан 2 баробар қувватли бўлиб, аммиак газида ишлайди, яъни рассолни совутиб бериш имконият даражалари юқори эканлигини кўрсатди. Цех ишга туширилгандан кейин технологик жараёнларга ишлатиладиган экстрабензиннинг сарфи кескин камайишига эришилди.

2003-2004 йилларда корхонадаги ёрдамчи хизматлар бўлимларини ривожлантиришга, иш шароитларини яхшилашга, уларнинг техник базаларини зарур технологиялар билан жиҳозлашга эътибор қаратилди. Шу йилларда механика таъмирлаш цехига қўшимча станоклар, электр пайвандлаш аппаратлари, газ билан кесувчи аппаратлар харид қилинди. Корхонага асосий кириш дарвозасининг ўнг томонида янгидан РМЦ пайвадлаш бўлими, бош энергетик хизмати ва ўт ўчириш депоси қурилди. Бу ишлар-ни амалга оширишда 1999-2003 йилларда корхонага раҳбарлик қилган Б.К.Бобожонов, бош муҳандис лавозимида ишлаган З.Рўзматовларнинг хизматлари катта бўлди.

Республика ҳукумати томонидан чет эл инвестрлари учун катта имкониятлар яратиб берилди. Корхонанинг 50,2 фоиз акцияларини Швейцариянинг “Floil Holding Ltd” компанияси 1 млн. 117 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан сотиб олди.

Корхонани 2004-2005 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бизнес режасига модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш тадбирлари ўтказиш киритилди. Бунга кўра чет эл инвестори ўзининг инвестиция мажбуриятлари ҳисобига экстракция цехига эскирган “МЭЗ-350” экстрактори ўрнига янги мо-дернизациялашган “Б6-Т 1 МЭМ-400” русумли Болохова машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган (РФ) қиймати 730 минг AҚШ долларига тенг бўлган экстрактор, мойжувоз цехига 2 та янги унумдор “ЕТР-20,16” ёғ пресслари (SKET, Германия) қиймати 390 минг AҚШ доллари, 3 та “МТЗ-80” трактори (Минск, Белоруссия), қиймати 40 800 АҚШ долларига тенг замонавий дастгоҳлар харид қилинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида бугунги кунда корхона-нинг ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли даражада ортиб, кунига 800 тонна техник пахта чигитини, 400 тонна соя ва 200 тонна кунгабоқар донини қайта ишлаш қувватига эга бўлди. Шунингдек, кунига 135 тонна тозаланган пахта ёғи, 63 тонна пластик идишларга қадоқланган ёғ, 48 тонна хўжалик совуни ва 20 тоннадан зиёд олеин, пальметин ёғ кислоталари қоришмаси ишлаб чиқарилади.

Акциядорлик жамиятига айлантирилганлигининг 23 йиллиги, воҳада илк бор асос солинган биринчи саноат корхонаси Урганч пахта-мой заводи ишга туширилганининг 128 йиллигини байрам қилар эканлар, қуйидаги факт ва рақамлар билан фахрланишга ҳақлари бор деб ўйлаймиз. Эндиликда корхонада бир кеча-кундузда:

— 800 тонна техник пахта чигити қайта ишланади;

— 135 тонна тозаланган (рафинацияланган) пахта ёғи;

— 63  тонна пластик идишларга қадоқланган ёғ;

— 48 тонна хўжалик совуни;

— 30 тонна саломас ишлаб чиқарилмокда;

— 3 тонна дистилланган глицерин;

— 27 тонна техник саломас ёғ кислоталари.

Оддий тил билан айтганда, корхонамизнинг атиги бир суткада ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўрсаткичи собиқ Урганч ёғ-заводи жамоаси 1 йилда ишлаб чиқарган маҳсулотдан деярлик минг марта зиёд.

Кўриниб турганидек, нафақат вилоят, республика, шу билан бирга жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига танилган корхонамиз ўзининг кечмиш тарихида қанчадан-қанча қийинчиликларни енгиб ўтиб, кўплаб ишчи-хизматчилар сулоласини тарбиялаб вояга етказди.

Корхона вилоят ҳокимлиги ва республика ҳукумати, шунингдек, чет эллардаги шерикларининг, илмий — текшириш институтларининг, хусусий компанияларнинг дипломлари, тегишли сертификатлари, миннатдорчилик мактублари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Маҳаллий ва хорижлик истеъмолчилар корхонада ишлаб чиқарилган аъло навли қадоқланган пахта ёғи, хўжалик совуни ва бошқа маҳсулотларни хеч қандай эътирозларсиз харид қилмоқдалар.

Сайт сўровномаси
Сиз қандай ёғ маҳсулотларидан фойдаланасиз?
  • Пахта ёғи
  • Писта ёғи
  • Зиғир ёғи
  • Хаммасидан фойдаланаман
51%
21%
14%
11%
Вы проголосовали
Онлайн фойдаланувчилар: 0
Янгиликларга обуна бўлиш
URGANCH YOG-MOY AKSIYADORLIK JAMIYATI
Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, Досов кўчаси 1 уй.
Сайтнинг сўнги янгиланган санаси: 2018, 1 March, Thursday, соат 17:03
  • my.gov.uz
  • id.uz
  • e-kommunal.uz
  • cert.uz
  • dc.uz